2023
Тошкент Халқаро Кинофестивали-XIII
Тошкент халқаро кинофестивали илк бор 1968 йилда бўлиб ўтган. 1990 йилгача фестиваль мунтазам равишда ҳар икки йилда бир ўтказилган. «Тинчлик, ижтимоий тараққиёт ва халқлар озодлиги учун» деган эзгу шиор йилдан йилга ушбу тадбирнинг Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кино санъатининг энг яхши намуналарини оммалаштириш ва рағбатлантириш, ушбу мамлакатларнинг ижодий тараққиётига кўмаклашиш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш каби асосий мақсадларини белгилаб берди. Шуни қайд этиш керакки, Лотин Америкаси мамлакатлари фестивалга 1976 йилдангина қўшилди. Биринчи кинофестиваль дастури 39 та мамлакат фильмларини ўз ичига олганди, унинг иширокчилари ва меҳмонлари эса 49 та миллат киноижодкорлари бўлди. Ҳар сафар фестиваль халқаро миқёсдаги муҳим ижтимоий-сиёсий ҳодисага айланарди. Айнан шу сабабли, унга йилдан йилга қизиқиш ўсди.
Бешинчи Тошкент кинофестивалида дунёнинг 85 та, жумладан, Осиёнинг 22 та, Африканинг 34 та, Лотин Америкасининг 11 та мамлакатидан кино ижодиёти намуналари намойиш этилди. Илк бор Австралия ва Янги Зеландия вакилларининг бадиий фильмлари расмий намойишга қўйилди. Ва шу сафар кинофестиваль ишида БМТ, ЮНЕСКО, Фаластинни озод қилиш ташкилоти, Чили ватанпарвар кучлари сингари халқаро ташкилотлар фаол иштирок этишди.
1978 йилда фестиваль ўз тарихидаги янги даврни очиб берди. Ўз кино санъати ҳақида олдин ҳатто орзу ҳам қила олмаган давлатларнинг ишлари илк бора намойишларнинг расмий дастуридан ўрин олди. Улар орасида Бурунди, Гамбия, Гана, Гвинея, Замбия, Камерун, Мали, Нигер, Нигерия, Сенегал, Того, Тунис ва бошқа қатор давлатлар бор эди. Тошкент кинофестивали шунчаки фильмлар премьера сифатида намойиш этиладиган жой эмас, аллақачон уч қитъанинг асл кино санъатини Европа кинематографиясига яқинлаштиришга йўл очган ҳолда, унинг оммалашувини янги даражага кўтариш, афро-осиёлик ва лотин америкалик киноижодкорлар ўртасида ижодий ҳамда бизнес алоқаларини кенгайтириш майдонига айланмоқда.