2023
Тошкент Халқаро Кинофестивали-XII
1997 йилда ўтказилган Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими Халқлар дўстлиги саройида бўлиб ўтган.
Кинофестиваль дастурига матбуот анжумани, бадиий фильмларнинг танлов дастури доирасидаги намойиши, музей, театр ва концерт залларига ташрифлар, Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш, иштирокчилар ва меҳмонлар томонидан Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш, режиссёр Наби Ғаниев ва Худойберган Девонов томонидан суратга олинган фильмларнинг ретроспектив намойишлари каби тадбирлар киритилган.
Кинофестиваль доирасида ўтказилган танловда “Буюк Амир Темур” (Ўзбекистон), “Ҳамма ёқ қор билан қопланган” (Ўзбекистон), “Аждарҳо шаҳрининг тарихи” (ХХР), “Абай” (Қозоғистон), “Ўтмиш соялари” (Грузия), “Мен ёнаман”, “Ядним”, (Туркманистон), “Актёр” (Эрон), “Сардори Бегим” (Ҳиндистон), “Оқ ипак” (Малайзия), “Алвидо, азизим” (Жанубий Корея), “Гунгат” (Покистон), “Ўзга вақт” (Озарбайжон), “Сўнмас чиннигуллар” (Туркия),“Рус тилида севги-2” (Россия) каби фильмлар намойиш этилган.
Мамлакатлар ўртасида кино алмашинувини кенгайтириш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан кинобозор ташкил этилган, унда киностудиялар, продюсерлар, экспортчилар, прокатчилар, кинотеатрлар эгалари ва кинокомпанияларнинг иштироки таъминланган.
“Қозоғистон” кинотеатрида ўзбек киноси асосчиларидан бири Наби Ғаниевнинг фильмлари ретроспективаси ўтказилган. Ретроспектива “Тоҳир ва Зуҳра” фильмининг намойиши билан бошланган.
Айнан шу кинотеатрда биринчи ўзбек киноижодкори Худойберган Девоновнинг фильмлари ретроспективаси бўлиб ўтган. ХХ асрнинг бошларида Худойберган Девонов томонидан суратга олинган кинохроника кадрлари, шунингдек, унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилган.
Таъкидлаш жоизки, фестиваль давомида “Ўзбекистон кино ва театр рассомлари” кўргазмаси бўлиб ўтган, унда турли авлод усталари ижодининг панорамаси намойиш этилган. Кўргазмада исмлари ўзбек бадиий киноси шаклланиши тарихи билан боғлиқ бўлган рассомларнинг асарлари ва ёш рассомларнинг театрлаштирилган томошалари учун эскизлари намойиш этилган. Варшам Еремян, Наримон Рахимбоев, Эмонуэл Калантаров, Георгий Брим, Садритдин Зиямухамедов, Зебо Носирова, Бобур Исмоилов, Руслан Камалетдинов каби ижодкорларнинг ишлари намойиш этилган.
Фестиваль якунида ҳокимият номидан фестиваль меҳмонлари ва иштирокчилари шарафига “Чилонзор” ресторанида зиёфат уюштирилган. Фуршет жуда жонли ва илиқ муҳитда ўтган. “Ялла”, “Наво” ансамбли, “Маданият академияси” оркестрининг бадиий раҳбари Исмоил Жалилов ва бошқа санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга ўзгача завқ бахш этган.