2023
Тошкент Халқаро Кинофестивали-IX
Тошкент халқаро кинофестивали очилишидан аввал “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг олдини каптарлар ўраб олган. Ушбу ажойиб кўринишда фестивалнинг “Тинчлик, ижтимоий тараққиёт ва халқларнинг эркинлиги учун!” шиорига урғу берилган.
Бундай кенг кўламли ва муҳим тадбир арафасида ташкилотчилар Тошкентни мавзуга оид баннерлар ва меҳмондўстлик белгиси сифатида ёрқин ёзувлар билан безатишган.
Кинофестивалнинг очилишига турли соҳаларнинг таниқли вакиллари таклиф қилинган: академик, Нобель мукофоти совриндори Евгений Чазов, Киноижодкорлар уюшмаси кенгаши котиби Михаил Ульянов, Киноижодкорлар уюшмаси кенгашининг биринчи котиби Анатолий Кабулов, кинорежиссёр Элёр Ишмуҳамедов, авиация генерал-майори, учувчи-космонавт Владимир Жонибеков ва бошқалар.
Фестиваль дастури доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтган, шу жумладан, матбуот анжуманлари, Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш, Республика санъат усталарининг концерти, ижодкор ёшлар билан учрашув, ижодий мунозаралар, фестиваль қатнашчилари ва меҳмонларининг “Ўзбекфильм” киностудиясида киноижодкорлар билан учрашуви.
Кинофестиваль доирасида ўтказилган фильмлар намойиши Санъат саройида бўлиб ўтган. “Севги тарихи” (Бангладеш), “Шико” (Бразилия), “Мирзонинг башмоғи” (Эрон), “Дўст” (Таиланд), “Довуд учун келин” (Куба), “Бизнинг маданият” (Нигерия), “Берк ва Уиллз” (Австралия), “Леопардлар вақти” (Мозамбик) ва бошқа фильмлар намойиш этилган.
Қуйидаги қисқа метражли фильмлар ҳам намойиш этилган: “Болалик билан нима қилдингиз?” (Куба), “Қўшнилар” (Куба), “Қиш кунининг ранглари” (Арманистон), “Колибай боғи” (Қозоғистон), “Никарагуанинг ғалабаси” (Никарагуа), “Халқ шоири” (Туркманистон), “Қуш сайраши” ( Озарбайжон) ва бошқалар.
Расмий дастур доирасида қуйидаги совет фильмлари ҳам намойиш этилган: “Орзу қучоғи”, “Славянканинг хайрлашуви”, “Яшил тепаликдаги уйим”, “Фраги – бахтдан ажралган”, “Кузги ёмғир ўтгунча”, “Шаҳризоданинг яна бир туни” ва бошқа фильмлар.
Шунингдек, кинофестиваль доирасида кинобозор фаолияти ташкил этилган. Унда 80 дан ортиқ мамлакатлардан продюсерлар, экспортчилар, импортчилар, прокатчилар, кинотеатр эгалари иштироки таъминланган. Кинобозорда 1985–1986 йилларда намойиш этилган йигирмадан зиёд совет фильмлари тақдим қилинган, улар Киночилар уйида, “Ўзбекфильм” киностудиясида ва Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар студиясида намойиш этилган. Ҳаммаси бўлиб кинобозорда Африканинг 11 мамлакати, Лотин Америкасининг 7 мамлакати, Яқин Шарқнинг 7 мамлакати, Осиёнинг 5 давлати, шунингдек, Европа, Австралия ва Янги Зеландиянинг вакиллари иштирок этишган. Умумий ҳисобда, 48 мамлакатдан 100 дан ортиқ иштирокчи қатнашган.
Кинофестиваль доирасида ёш киноижодкорларга ретро фильмларни намойиш этиш мақсадида “Фильмлар ретроспективаси” тадбири ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Намойиш Тошкентдаги “Искра” кинотеатрида бўлиб ўтган. Дастурга СССР, Вьетнам, Куба, Бразилия, Мексика, Никарагуа, Япония, Марокаш, Австралия, Янги Зеландия кинофильмларии киритилган.
Анъанага айланиб улгурган ВГИК битирувчиларининг учрашуви ушбу йил ҳам бўлиб ўтган. Ушбу тадбир учун Киночилар уйида иккита кўргазма ташкил этилган: “Биз ВГИКда ўқиймиз”, “Африка ранглари”.
Шунингдек, Бразилия, Эрон, Шимолий Корея, Куба, Никарагуа, Грузия, Мозамбик, Хитой, Нигерия, Тожикистон, Сурия, Япония, Туркия, Туркманистон, Вьетнам, Покистон, Нигер, Қозоғистон, Тунис, Аргентина, Шри-Ланка, Перу, Салвадор киноижодкорлари иштирокида матбуот анжуманлари ўтказилган.
Халқаро кинофестиваль доирасида журналистлар ўша даврнинг кўплаб таниқли режиссёрлари, сценарий муаллифлари ва маданият арбоблари билан мулоқот қилишга муваффақ бўлишган.