2023
Тошкент Халқаро Кинофестивали-IV
1976 йилги Тошкент халқаро кинофестивали таркибига Лотин Америкаси вакилларини ҳам қўшган ҳолда, ўз доирасида уч қитъани бирлаштирди. Шу тариқа кинофестивалнинг «Тинчлик, ижтимоий тараққиёт ва халқлар эркинлиги учун» шиори янада баралла янгради.
1976 йилги кинофестиваль дастури, шаклланган анъанага кўра, ўз қамровига қатор тадбирларни олган, улар қаторида меҳмонлар севиб кутадиган сафарлар – Ўзбекистоннинг гўзал шаҳарларига саёҳатлар; кинонамойишлар дастури, кинематографчилар форуми, журналистлар учун пресс-намойишлар ва бошқалар бор.
Тақдим этилган картиналар сирасидан "Солдат юриб борарди", "Корвалан юраги", "Қўриқ ер", "Ер ягона", "Ўзбек атласи", "Гўри Амир" каби ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар намойиш этилди. Шунингдек, мультипликацион фильмлар намойиши ҳам ташкиллаштирилди, улар қаторига "Букри Тойчоқ", "Чўпон ва гўзал малика ҳақида эртак", "Сеними, шошмай тур!" (9-сон), "Сенга юлдуз бераман", "Тумандаги типратикан" мультфильмлари кирди.
1976 йил кино бозори совет режиссёрлари асарларини тақдим этди. Киночилар уйида илк бор "Оқ кема", "Оловли соҳил", "Табор кўкка йўл олади", "Ўзимга қабул қиламан", "Сентябрь кириб келганда" каби қатор фильмлар намойиш қилинди. Умумий ҳисобда асосий дастурга 25 та янги фильм киритилди.
Шунингдек, бу йилнинг кино намойишлари Лотин америкалик киночилар картиналари билан бойиди. «Ўзбекфильм» студияси заллари, Ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар студияси Осиё, Африка, Лотин Америкаси, Европа мамлакатларининг 100 дан зиёд бадиий фильмларини тақдим этди.
Фестиваль доирасида иштирокчилар ва меҳмонларнинг Ўзбекистон кинематографчилари билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув сўнгида "Одамлар ичра якка" ва "Шоҳимардон" фильмлари намойиш этилди.
Ҳар йили Тошкент халқаро кинофестивали киносаноат усталарини бирлаштирувчи марказга айланар, янги номларни кашф қилар ва сарҳадларни кенгайтирар эди. 1976 йил фестиваль ҳаётида 1968 йилда бошланган кинони ривожлантириш ва тараққиёт сари илгари силжитиш бўйича ишлар нафақат мамлакат ва шаҳарларни, балки қитъаларни бирлаштиргани билан рамзли бўлиб тарихга кирди.